Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови иштирокчиларининг ташкилотчилик қобилияти ва бошқарув салоҳиятини аниқлаш бўйича ёзма тест синови ДАСТУРИ

Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови иштирокчиларининг ташкилотчилик қобилияти ва бошқарув салоҳиятини аниқлаш бўйича ёзма тест синови дастури Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловини ўтказишни ташкил этиш бўйича Республика комиссиясининг 2018 йил “17” ноябрдаги 3-сон мажлиси баёни билан тасдиқланган.



Тузувчилар:

Махмудов И.


Инагамова Л.

Кодирова Ш.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси бўлим прокурори, психология фанлари номзоди, доцент,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси доценти в.б.,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси етакчи илмий ходими



Аннотация. Ушбу дастурдан “Тараққиёт” республика танлови иштирокчиларининг ташкилотчилик қобилияти ва бошқарув салоҳиятини баҳолашнинг мақсад ва вазифалари, аниқлаш услуби ва баҳолаш мезонлари ўрин олган.

 

КИРИШ

Ушбу дастур Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-3755-сонли Қарори асосида ишлаб чиқилган ва Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови иштирокчиларининг ташкилотчилик қобилияти ва бошқарув салоҳиятини аниқлашга йўналтирилган.
Раҳбарнинг серқирра фаолияти бошқарувнинг оқилона ташкил этилишини талаб этади, бунга эса, аввало, уни тўғри режалаштириш ва лойиҳалаштириши орқали эришилади. Режалаштириш ва лойиҳалаштириш раҳбар функционал мажбуриятларининг самарали бажарилиши билан бевосита боғлиқ бўлиб, шахснинг ташкилотчилик қобилияти ва бошқарув салоҳиятини  белгиловчи асосий омиллар ҳисобланади.
Иш унумдорлиги юқори ва муваффақиятли фаолият юритувчи раҳбарлар ўзига хос фикрлаш қобилиятига эга бўлиб, мураккаблиги ва бажарилиш муддати турлича бўлган вазифаларни муҳимлиги бўйича тизимлаштирган ҳолда белгиланган мақсадга эришиш йўлида ўз фаолиятларини шунга мувофиқ равишда режалаштирадилар.
Шунга кўра, раҳбарнинг бошқарувни моҳирона амалга ошира олишининг муҳим қисми  унинг ўзини ва ўз фаолиятини ташкил этиш қобилиятига асосланади. Шу сабабли раҳбарнинг ташкилотчилик қобилиятини баҳолаш унинг бошқарув соҳасидаги компетентлигини аниқлашнинг муҳим мезонларидан бири ҳисобланади.

Методиканинг мақсад ва вазифалари

Мазкур тестнинг мақсади иштирокчининг ташкилотчилик компетентлигини, хусусан, унинг ўз фаолиятини режалаштириш ва лойиҳалаштириш қобилиятини аниқлашдан иборат. Фаолиятнинг ушбу жиҳатлари, ўз навбатида, шахснинг мавжуд ресурсларни (вақт, моддий, инсон ресурслари) муносиб даражада тақсимлаш қобилиятини ифодалаб, белгиланган мақсадга эришишни таъминлайди ҳамда амалга оширилаётган фаолият самарадорлигининг мезони ҳисобланади.

Асосий вазифалар:

  • шахснинг меҳнат ресурсларини оқилона тақсимлаш қобилиятини аниқлаш;
  • шахснинг фаолият натижасини олдиндан айтиб бериш қобилияти ривожланганлигини аниқлаш;
  • мақсадга эришиш йўлида ҳаракатлар кетма-кетлигини тўғри ташкил эта олишга компетентлигини аниқлаш;
  • номзоднингфикрлашидаги тизимлиликни аниқлаш;
  • унинг ўзини тута олиш даражасини аниқлаш;
  • иштирокчининг вазифалар кўплиги ва вақтнинг чекланганлиги шароитида вазиятга мослашувчанлигини аниқлаш.

Методиканинг тавсифи

Мазкур тест “Тараққиёт” республика танлови иштирокчиларининг ташкилотчилик қобилияти ва бошқарув салоҳиятини аниқлашга йўналтирилган бўлиб, у вазият билан боғлиқ методлар таркибига киради. Унинг асосида маълум бир вазият баён қилинган бўлиб, номзод ушбу вазият иширокчисига айланади ва шу ҳолатда олдига қўйилган қатор вазифаларни 60 минут ичида ҳал этиши лозим бўлади.
Тест доирасида иштирокчига кўпфункцияли роль берилади ва унга турли мазмун ҳамда ноструктуравий кўринишдаги ёзма хабарлар тақдим этилади. Ушбу топшириқларни бажариш жараёнида иштирокчи кўзланган мақсадга эришиш учун фаолият режасини ёзма ҳолда тақдим этиши керак.
Иштирокчидан талаб қилинувчи асосий вазифа баён этилган вазиятда тақдим этилган вазифаларни муҳимлигига кўра тақсимлаш ва уларни қай тартибда бажарилишини режалаштиришдан иборат.

Баҳолаш мезонлари

Танлов иштирокчисининг ўз фаолиятини режалаштириш, вазифаларни муҳимлигига кўра тартиблай олиши, вақтни тўғри тақсимлаши, йўналишни лойиҳалашидаги ўзига хослигидан келиб чиқиб, танлов иштирокчисига оид  маълумотлар натижасига кўра, баллар 7 та даража бўйича ҳисобланади (1-жадвал).
Ушбу даражалар Ўзбекистондаги давлат ташкилотларининг раҳбар кадрларини ўрганиш орқали олинган маълумотлар асосида ишлаб чиқилган. Ушбу даражаларга асос сифатида тадқиқот гуруҳининг ўртача кўрсаткичлари ва раҳбарларнинг шу методика бўйича фаолиятини режалаштириш ва лойиҳалаштириш қобилияти олинган.
Яққол намоён бўлиши учун, олинган натижалар юз баллик тизимда баҳоланади. Шунинг учун, тўпланган натижаларни стандарт юз баллик шкалага ўтказишдан фойдаланилади.



1-жадвал
Балл Ифодаланиши
1 52 дан паст Жуда паст
2 53 - 101 Паст
3 102 - 142 Ўртадан паст
4 143 - 198 Ўрта (меъёр)
5 199 - 216 Ўртадан юқори
6 217 - 229 Юқори
7 230 дан кўп Жуда юқори



ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

I. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сон Фармони.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон ресПубликасида маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5185-сон Фармони.
  3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3755-сон қарори.

II. Асосий манбалар
 
  1. Базаров, Т.Ю. Технология центра оценки персонала: процессы и результаты.Практическое пособие. – М.: Кнорус, 2011.
  2. Махмудов И.И. Бошқарув профессионализми. Моногорафия. – Т.: Akademiya, 2011.
  3. Мякушкин Д.Е.Социально-психологические аспекты комплексной оценки персонала организации. Монография. – Челябинск.: ЮУрГУ, 2004.
  4. Раҳбар ва ходим. Т.: Академия, 1998.

III. Интернет-манбалар

  1. www.gov.uz
  2. www.parliament.gov.uz
  3. www.president.uz
  4. www.uza.uz
  5. www.lex.uz
  6. www.press-service.uz