Тузувчилар:
Юлдашев А.Э. | “Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси кафедра профессори в.б., т.ф.д. |
Рахманов Қ.С. | Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси кафедра мудири, т.ф.н |
Кодирова Ш.А. | Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси етакчи илмий ходими |
Аннотация. Ушбу дастур индивидуал суҳбат ўтказиш методи, мақсад ва вазифалари ҳамда истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови иштирокчиларининг бошқарув маҳорати, лидерлик сифатлари, ўзгаришларга мосланувчанлиги ва фикрлаш тизимлилиги каби компетенцияларини баҳолаш мезонлари тавсифини ўз ичига олади.
КИРИШ
Мазкур дастур Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3755-сонли қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови финал босқичи иштирокчиларининг бошқарув маҳорати, лидерлик сифатлари, ўзгаришларга мосланувчанлиги ва фикрлаш тизимлилиги каби компетенцияларининг қай даражада намоён бўлишини аниқлашга қаратилган.
Ҳукуматимиз ва халқ ишончини қозонган раҳбар шахс зиммасига муҳим жавобгарлик юкланган бўлиб, у давлат томонидан белгиланган аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган режаларни лойиҳалаш ва амалга оширишга йўналтирилгандир. Бу эса, ўз навбатида, ундан раҳбар фаолияти учун зарур бўлган компетенцияларга эга бўлишни талаб этади.
Шахс самарали раҳбарлик қилиши учун унда тўрт хил: бошқарув маҳорати, лидерлик сифатлари, ўзгаришларга мосланувчанлик ва фикрлаш тизимлилиги каби компетенцияларга эга бўлиши лозим. Амалда улар раҳбарнинг қуйидаги қобилиятларида намоён бўлади: мақсадни тўғри қўя олиш, гуруҳ иши ва жараённи ташкил қила олиш, ҳар бир ходимга вазифаларини тақсимлаш (бошқарув маҳорати), мотивациялашни билиш, командани ўз ортидан эргаштира олиш (лидерлик); шунингдек, кишининг тез ўзгарувчан янги ва муаммоли вазиятларга мослашуви, бундай шароитларда қарорлар қабул қила олиш ҳам муҳим (мослашувчанлик); самарали бошқарув қарорлари қабул қилиш учун муайян тизимни яратиш мақсадида сабаб ва оқибат муносабатлари, маълумотларни изчиллик билан таҳлил қила олиш қобилияти (фикрлаш тизимлилиги).
Шундай қилиб, Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови финал босқичи иштирокчиларининг индивидуал суҳбат методи ёрдамида аниқланган мазкур компетенциялари уларнинг давлат хизматида раҳбарлик лавозимида муваффақият қозониш имкониятидан дарак беради.
Индивидуал суҳбат методининг мақсади – Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови финал босқичи иштирокчиларининг раҳбарлик лавозимида самарали иш олиб бора олиш имкониятини башорат этиш учун раҳбарнинг асосий компетенцияларини аниқлашдан иборат.
Индивидуал суҳбат методининг асосий вазифалари қуйидагилар:
- финал босқичи иштирокчининг гуруҳ ишини ташкил эта олиш қобилиятини аниқлаш ва у ҳақида маълумот олиш;
- гуруҳни ишга жалб этиш ва мотивациялаш қобилиятини аниқлаш ва у ҳақида маълумот олиш;
- шахснинг атрофдагиларга сеҳрли таъсир кўрсата олиш қобилияти (харизма) даражасини аниқлаш;
- тез ўзгарувчан, муаммоли вазиятларга мослашувчанлик (ҳаяжонни боса олиш) ва қарорлар қабул қила олиш қобилиятини баҳолаш ва маълумот тўплаш;
- киришимлилик (коммуникатив) қобилиятларини аниқлаш;
- финал босқичи иштирокчиларнинг фикрлашлари тизимлилиги даражасини аниқлаш.
Индивидуал суҳбат методи раҳбарнинг асосий компетенцияларини, хусусан,Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови финал босқичи иштирокчиларининг: бошқарув маҳорати, лидерлик, мослашувчанлик ва фикрлаш тизимлигигини аниқлашга қаратилган. Ушбу метод ишлаб чиқилган режа бўйича экспертлар ва респондетлар ўртасида бўлиб ўтадиган мулоқот жараёнидаги вербал-коммуникатив характердаги маълумотларни тўпловчи методлар сирасига киради.
Мазкур режа номзоддан унинг иши билан боғлиқ аниқ кўрсаткичлар бўйича маълумот олишга ва оддий иш фаолияти ҳамда ҳаётдаги вазиятларда кишининг ўзини қандай тутишини атрофлича таҳлил этишга йўналтирилган саволлар сериясини ўз ичига олади.
Суҳбатнинг тизимлилиги ёки муайян ишлаб чиқилган саволлар рўйхатининг мавжудлиги ушбу усулнинг объективлигини оширади, иштирокчиларга тенг шароитлар яратади, шу билан бирга, раҳбар учун зарур бўлган кўникма ва компетенциялар бўйича уларнинг хулқ-атвори ҳақидаги тасаввурни чуқур ўрганишга имкон беради.
Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловининг ҳар бир финал босқичи иштирокчиси билан индивидуал суҳбат ўтказиш учун 30 дақиқагача вақт ажратилади.
Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови финал босқичи иштирокчиларининг индивидуал суҳбати номинациялар бўйича Танлов комиссияси томонидан ўтказилади. Комиссия таркибида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясининг профессор-ўқитувчилари ва Президент Администрацияси маъсул ҳодимлари ҳам иштирок этади.
Индивидуал суҳбат жараёнида комиссия аъзолари томонидан асосий компетенцияларнинг ҳар бир тури (бошқарув маҳорати, лидерлик, мослашувчанлик ва фикрлаш тизимлигиги) бўйича бир қатор саволлар (ишлаб чиқилган рўйхат бўйича) берилади.
Бунда финал босқичи иштирокчиларининг жавоби комиссия аъзолари томонидан барча таҳлил қилинувчи характеристикалар бўйича баҳолаш мезонларини ифода этувчи кўрсаткичлар рўйхатига асосан баҳоланади.
Комиссия аъзолари баҳоси натижалари асосида танлов финал босқичи иштирокчиларида ҳар бир компетенциянинг қай даражада намоён бўлишига кўра холис экспертлар хулосаси (ўртача балл) тақдим этилади. Ҳар бир компетенция 25 баллик шкала бўйича баҳоланади. Умумий балл 4 та компетенциянинг намоён бўлишига қараб, 100 баллик баҳолаш тизим асосида чиқарилади.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони // Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами. –Т., 2017.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 30 майдаги ПҚ–3755-сон қарори.
- Указ Президента Республики Узбекистан «Об утверждении концепции административной реформы в Республике Узбекистан» от 8 сентября 2017 года УП – 5185.
- Базаров Т.Ю. Технология центра оценки персонала: процессы и результаты: практическое пособие. – М.: Кнорус, 2011;
- Иванова С. Оценка компетенций методом интервью. Универсальное руководство. - М.: Альпина Паблишер, 2014.
- Исаев А.П. Управленческий профессионализм: основные понятия, процессы и механизмы: учебное пособие – Екатеринбург: Ажур, 2015;
- Махмудов И.И. Бошкарув профессионализми. Моногорафия. – Ташкент: Академия, 2011;
- Никандров В. В. Вербально-коммуникативные методы в психологии. - СПб.: Речь, 2002.