Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш
бўйича “Тараққиёт” республика танлови

иштирокчиларининг шикоятларини кўриб чиқиш бўйича
Апелляция комиссияси иш регламенти

Ушбу Регламент Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3755-сонли қарорига мувофиқ, Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови (кейинги ўринларда – танлов) иштирокчиларининг шикоятларини кўриб чиқиш бўйича Апелляция комиссиясининг (кейинги ўринларда - Апелляция комиссияси) фаолиятини белгилайди.

Умумий қоидалар

Апелляция комиссияси таркиби Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловини ўтказишни ташкил этиш бўйича республикаси комиссияси (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) томонидан шакллантирилади ва тасдиқланади.
Апелляция комиссияси таркиби раис, унинг ўринбосари, комиссия котиби ва аъзолардан иборат. Апелляция комиссияси таркиби тоқ сон бўлиши лозим. Апелляция комиссияси мажлисларида комиссия таркибининг учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
Апелляция комиссиясининг қарори комиссия аъзоларининг умумий кўпчилиги овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Танлов натижалари бўйича
шикоят ва аризаларни кўриб чиқиш тартиби

Танлов иштирокчилари танловнинг ҳар бир босқичи натижалари юзасидан шикоят ва ариза бериши мумкин.
Танлов иштирокчилари томонидан шикоят танлов босқичларининг натижалари веб портал (taraqqiyot-tanlov.uz)да эълон қилинган кундан эътиборан уч кун ичида ёзма шаклда Давлат тест марказининг ҳудудий бўлимлари орқали Апелляция комиссиясига юборилади.
Шикоят ва ариза Республика комиссиясига келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида Апелляция комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Зарур ҳолатларда шикоятни кўриш жараёнига танлов номинациялари бўйича Танлов комиссиялари аъзолари, тегишли соҳа мутахассислари жалб қилиниши мумкин.
Апелляция комиссияси йиғилишида шикоят ва ариза эгаси ҳам иштирок этиши мумкин.
Танловнинг тегишли босқичи натижаси бўйича шикоят ва ариза қаноатлантирилмаслиги тўғрисидаги Апелляция комиссиясининг қарори қуйидаги ҳолатларда қабул қилинади:
шикоят ва ариза мазкур Регламент талабларига риоя этилмаган ҳолда тақдим этилганда;
шикоят ва аризада келтирилган важлар ва далиллар тасдиқланмаган ҳолатларда.
Апелляция комиссияси қарори баённома билан расмийлаштирилади, Апелляция комиссияси раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.

Якуний қоидалар

Танлов иштирокчиси томонидан айнан бир масала бўйича такроран берган шикоят ва ариза Апелляция комиссияси томонидан кўриб чиқилмайди.
Апелляция комиссияси қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир кун ичида Республика комиссиясига ҳамда шикоят ва ариза эгасига ўз қарори нусхасини тақдим этади.
Танлов иштирокчиларининг шикояти ва аризасини кўриб чиқиш натижалари юзасидан Апелляция комиссиясининг қарори устидан ўрнатилган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.