Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловини ўтказишда Онлайн тест синовини
ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”
ПҚ-3755-сонли қарорига асосан Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловини ўтказишда Онлайн тест синовини (кейинги ўринларда – Онлайн тест синови) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

I боб. Умумий қоидалар

1. Онлайн тест синови ҳудудларда марказлаштирилган тартибда махсус веб-портал (taraqqiyot-tanlov.uz) тизимида ўтказилади.
Онлайн тест синови Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси (кейинги ўринларда – Давлат бошқаруви академияси) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда – Давлат тест маркази) томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.
2. Онлайн тест синови топшириқлари Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловини ўтказишни ташкил этиш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) томонидан тасдиқланган “Ақлий салоҳият (IQ-тест)”, “Психологик барқарорлик”, “Хорижий тиллар (инглиз, немис, француз)” ва “Сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар” бўйича онлайн синов дастурлари асосида тузилади. Онлайн синов дастурлари махсус веб-порталда (taraqqiyot-tanlov.uz) эълон қилинади.
3. Онлайн тест синови икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқич
25 - 30 ноябрь оралиғида, иккинчи босқич 1 - 5 декабрь оралиғида ўтказилади. Онлайн тест синовларини ўтказиш жадвали Республика комиссияси томонидан махсус веб-порталда (taraqqiyot-tanlov.uz) эълон қилинади.


II боб. Тест синовини ташкил этиш ва ўтказишда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,  Давлат тест маркази, Инновацион ривожлантириш вазирлиги ҳамда Давлат бошқаруви академиясининг асосий вазифалари

4. Ҳар бир ҳудудда онлайн тест синовини ўтказиш учун Давлат бошқаруви академияси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Давлат тест маркази билан келишган ҳолда назоратчилар таркибини шакллантиради ва тасдиқлайди.
5. Қуйидагилар назоратчиларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
- онлайн тест синовини ушбу Низом талаблари асосида тартибли ташкил этиш;
- тест жараёнининг холисона ва адолатли ўтишини таъминлаш;
- иштирокчиларга уларнинг тест синови жараёнидаги вазифаларини ва тест топшириш қоидаларини тушунтириш;
- иштирокчиларга тест синовини ўтказиш билан боғлиқ барча зарур шароитларни яратилганлигини назорат қилиш ҳамда тест синови натижалари бўйича тўлиқ маълумотларни бериш.
6. “Ақлий салоҳият (IQ-тест)”, “Психологик барқарорлик”, “Хорижий тиллар (инглиз, немис, француз)” ва “Сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар” бўйича тузилган тест топшириқларининг махфийлигини таъминлаш Давлат тест маркази, Давлат бошқаруви академияси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Инновацион ривожлантириш вазирлиги зиммасига юклатилади.
7. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги махсус веб-портал (taraqqiyot-tanlov.uz) тизимини бир маромда ва узлуксиз ишлашини таъминлайди.
8. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Инновацион ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда онлайн тест синови ўтказилишидан камида 10 кун олдин онлайн тест синови дастурий таъминотини синовдан (тестдан) ўтказади.
9. Тест топшириқлар базаси махсус веб-порталга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Давлат тест маркази ва Давлат бошқаруви академияси билан келишилган ҳолда жойлаштирилади.

IIIбоб. Тест синовини ўтказиш ва натижаларини аниқлаш

10. Онлайн тест синовини ўтказиш санаси ва вақти махсус веб-портал (taraqqiyot-tanlov.uz) орқали эълон қилинади.
11. Онлайн тест синови икки босқичда ўтказилиб, биринчи босқичда “Ақлий салоҳият (IQ-тест)”, “Психологик барқарорлик”, “Хорижий тиллар (инглиз, немис, француз)” бўйича, иккинчи босқичда “Сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар” бўйича ўтказилади.
Биринчи босқич синовидан муваффақиятли ўтган иштирокчилар иккинчи босқичга қўйилади. Иштирокчиларни кейинги босқичга ўтганлиги ҳақидаги қарор номинациялар бўйича танлов комиссиялари томонидан қабул қилинади.  
12. Биринчи босқич тест синовларида “Ақлий салоҳият (IQ-тест)” бўйича 140 та, “Психологик барқарорлик” бўйича 123 та, “Хорижий тиллар (инглиз, немис, француз)” бўйича 30 та ва икиинчи босқичда “Сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар” бўйича 50 та тест топшириқлари берилади.
Тест синовларининг ҳар бир босқичи учун 3 соатдан вақт ажратилади.
 13. “Хорижий тиллар (инглиз, немис, француз)” бўйича ҳар бир тест топшириғига 3 тадан 6 тагача, “Сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар” бўйича ҳар бир тест топшириғига 4 тадан муқобил жавоблар берилади. Улардан фақат биттаси тўғри жавоб ҳисобланади.
“Психологик барқарорлик” бўйича ҳар бир тест топшириғига 2 тадан, “Ақлий салоҳият (IQ-тест)” бўйича ҳар бир тест топшириғига 4 тадан
8 тагача муқобил жавоблар берилади. Танланган жавобларнинг аниқлиқ даражасига қараб ҳар бир жавоб учун алоҳида-алоҳида балл берилади.

Онлайн тест синовининг ҳар бир босқич натижалари 100 баллик тизимда баҳоланади.
14. Тест топшириқлари кетма-кет тартибда бажарилади ва саволларга тўлиқ жавоб берилгандан сўнг кейинги бўлимга ўтиш имконияти мавжуд бўлади. Тест топшириқларини бажаришда аввалги(олдинги) саволларга қайтиш имконияти йўқ.
15. Онлайн тест синовининг биринчи босқич натижаларига кўра иккинчи босқичга қатнашиш учун рухсат этилган иштирокчилар рўйхати номинациялар бўйича махсус веб-порталда (taraqqiyot-tanlov.uz) эълон қилинади.
Бунда биринчи босқич натижалари “Психологик барқарорлик”, “Ақлий салоҳият (IQ-тест)”, “Хорижий тиллар (инглиз, немис, француз)” бўйича тест натижаларининг умумий кўрсатгичи ўртача қўрсатгичи асосида аниқланади.
16. Иштирокчи онлайн тест синови ўтказиладиган бинога паспорти ва видеокузатув орқали рўйхат асосида, тартибли равишда киритилади.
17. Онлайн тест синовлари ўтказиладиган бинога киришда иштирокчилар микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса ёки олиб кирган бўлса, тест синовлари давомида бошқа иштирокчи билан гаплашса ёки ёрдам берса, бошқа иштирокчининг ўрнига киришга уринса ёки кирган бўлса, иштирокчи тест синовларини ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади ва назоратчилар томонидан далолатнома тузилиб, тест жараёнидан четлаштирилади.
Далолатномада иштирокчининг фамилия, исми, шарифи, тест синовларидан четлаштирилиш  сабаби, санаси ва вақти кўрсатилиб, эркин ҳолда расмийлаштирилади. Далолатнома икки нафар назоратчи томонидан имзоланади.
18. Тест синовини топшириш вақтида иштирокчининг сабабсиз аудиториядан чиқиши тақиқланади, соғлиғи ёмонлашган ҳолатларда назоратчининг кузатуви остида аудиториядан чиқиш ҳоллари бундан мустасно.

IV боб. Тест синовлари натижалари юзасидан иштирокчиларнинг шикоят ва аризаларини кўриб чиқиш

19. Онлайн тест синови натижасидан норози бўлган иштирокчилар натижа эълон қилинганидан сўнг 3 кун давомида белгиланган тартибда Республика комиссияси томонидан ташкил этиладиган Апелляция комиссиясига ёзма тартибда шикоят ёки ариза бериш ҳуқуқига эга.
20. Апелляция комиссияси 3 кун давомида апелляция шикоят ва аризаларни кўриб чиқади. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижаси бўйича баённома тузилади ҳамда баённома апелляция комиссияси раиси ва аъзолари томонидан имзоланади. Апелляция комиссияси қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир кун ичида Республика комиссиясига ҳамда шикоят ва ариза эгасига ўз қарори нусхасини тақдим этади.
21. Танлов иштирокчиларининг шикояти ва аризасини кўриб чиқиш натижалари юзасидан Апелляция комиссиясининг қарори устидан ўрнатилган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.

V. Якуний қоида

22. Мазкур Низом Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожлантириш вазирлиги, Давлат тест маркази ҳамда Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда ишлаб чиқилган.