2018 йилнинг 6 сентябр куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Вазир ўринбосари А.Назаров ҳамда Европа иттифоқи таълим дастури координатори А.Абдураҳманова ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда ўзаро ҳамкорлик, жумладан, ҳар 3 йилда истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича «Тараққиёт» республика танлови доирасида биргаликда ишлаш масалалари кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида 3755-сонли қарорининг 7-бандида танловни ўтказиш доирасидаги тадбирларни молиялаштириш учун халқаро молия институтларининг грантлари ва ҳомийлик маблағларини жалб этиш кўрсатилган.
Учрашувда «Erasmus+» вакиллари амалдаги дастурлар ҳақида тўхталиб, ушбу танлов бўйича алоҳида лойиҳани ишга тушириш ҳақида музокаралар юритишга тайёр эканликларини билдиришди. 16 йўналиш бўйича финалга чиққан 50 нафар номзодларнинг хорижда амалиёт ўташлари кўзда тутилган бўлиб, Европа иттифоқи таълим дастурининг координатори ушбу масалада кўмаклашишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув натижалари бўйича ҳамкорлик қилиш ва «Erasmus+» дастурининг Инновацион ривожланиш вазирлиги билан янги лойиҳаларни ишга туширишга келишилди.
Эслатма: «Erasmus+» – Европа Иттифоқининг 2014-2020 йиллар. даврида таълим, малакавий ўқитиш, ёшлар ва спортни ривожлантиришга қаратилган дастурдир. Дастур ЕИ нинг кўрсатилган соҳаларда халқаро ҳамкорлиги бўйича энг муваффақиятли дастурларини бирлаштириб, улар сирасига 1994-2007 йилларда амал қилган Темпус ва Эразмус Мундус ҳам киради.
Тошкентда Erasmus+ Миллий офиси (собиқ Темпус) ўз фаолиятини давом эттириб, у ЕИ университетларида ўқиш учун грантлар ва университетлараро ҳамкорлик имкониятлари ҳақида маълумот тарқатиш, шунингдек жорий лойиҳаларни амалга оширишда амалий кўмак беради.