Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг илмий ишлар ва халқаро алоқалар бўйича проректори Боту АЛИМОВ Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда “Тараққиёт” республика танловининг мақсади, мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида гапириб берди.
– Ҳаммамизга маълумки, Президентнинг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ юртимиз тарихида илк маротаба истиқболли раҳбар кадрларни танлаб олиш бўйича махсус "Тараққиёт" республика танлови ташкил этилмоқда. Барча соҳадаги ислоҳотларнинг шиддат билан ривожланиб бориши раҳбар кадрларга эҳтиёжни юзага келтирмоқда. Мазкур танлов ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, мамлакатимиздаги турли соҳалар, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидаги кадрлар танқислигини маълум маънода бартараф этишга қаратилган.
– Танловни ишлаб чиқишда хорижий тажрибадан фойдаланилдими?
– Президент қарори билан танловни ҳар 3 йилда бир маротаба ўтказиш режалаштирилган. Танловни ўтказиш бўйича Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилаётган пайтда чет эл тажрибаси ўрганилди. Улардан маъқулларини танлаб олдик. Хусусан, номинациялар борасида хориж тажрибасидан фойдаландик.
Танловнинг кўп босқичлилиги, танлов иштирокчилари учун талабларнинг имкон қадар қисқартирилгани ҳам эътиборга молик. Бу эса танловда кенг аҳоли қатлами иштирок этишини таъминлайди. Яъни давлат ташкилотларида ишламаётган ёки ҳеч қайси бир давлат органи тавсия қилмаган, лекин потенциалга эга, билимли, инновацион ғояли, раҳбарлик салоҳияти бор кадрларни танлаб олиш имконини беради.
– "Тараққиёт" танлови нега айнан 16 номинация бўйича ўтказилиши белгиланди? 3 йилдан кейин ўтказиладиган навбатдаги танловда улар сони ўзгариши мумкинми?
– Президент қарори билан танлов 16 номинация бўйича ўтказилиши режалаштирилган. Қарор ишлаб чиқилаётган вақтда масъул ходимлар, мутасадди ташкилотлар томонидан айнан кадрлар танқислиги сезилаётган соҳалар ўрганилди, мониторинг қилинди, тадқиқотлар олиб борилди. Натижада юқоридаги соҳаларда кадрлар танқислиги сезилаётгани аниқланди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, танловнинг аксарият номинациялари ўзида бир қанча соҳаларни қамраб олган. Масалан, 11-номинация "Таълим, фан ва инновация соҳасидаги энг яхши бошқарувчи", 13-номинация "Маданият, санъат ва спорт соҳасидаги энг яхши бошқарувчи", 14-номинация "Ташқи сиёсат, ташқи иқтисодий фаолият ва туризм соҳасидаги энг яхши бошқарувчи" каби соҳаларни қамраб олади. Шу тариқа танловнинг 16 номинацияси қарийб 30 дан ортиқ соҳа бўйича истиқболли бошқарув кадрларини саралайди.
Лекин 3 йилдан кейин ўтказиладиган навбатдаги танлов айни шу номинациялар доирасида ўтказилади, дегани эмас. Навбатдаги танлов ўтказилишидан аввал яна бир бор кадрлар танқислиги ўрганилади ва улар натижасига кўра, замон талабларига мувофиқ номинациялар бўйича танлов ўтказилиши кўзда тутилиши мумкин. Бу доимий ўрганиб, ривожлантириб бориладиган жараён.
– Танловни ўтказиш босқичларини 16 йўналишдан бирида тўлиқроқ, аниқроқ тарзда, масъул ташкилот ва раҳбарлар вазифаси мисолида тушунтириб берсангиз.
– Танлов 4 босқичда ўтади. Талабгорлар ақлий салоҳият (IQ-тест), психологик барқарорлик, хорижий тилларни билиши, сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлардан хабардорлик даражаси бўйича онлайн тестдан ўтказилади.
Айтайлик, "Суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг яхши бошқарувчи" номинациясида суд, прокуратура, адлия, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар тизимида ишлаб келаётган фуқаролар қатнашиши мумкин. Саволлар тегишли соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда, амалиётда учрайдиган, реал муаммолардан келиб чиқиб тузилади. Токи шу соҳада раҳбар бўладиган шахслар амалиётда учрайдиган муаммолардан хабардор бўлиб, уларни таҳлил қила олсин.
Кейинги босқичда ҳар бир иштирокчи номинациялар бўйича давлат ҳокимияти, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида бир ойлик амалиёт ўтайди. Айнан "Суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг яхши бошқарувчи" номинацияси бўйича мисол келтирсак, бу прокуратура, суд, адлия, ички ишлар каби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда амалиёт ўташи мумкин. Навбатдаги босқичда иштирокчилар ташкилотчилик қобилияти ва раҳбарлик салоҳиятини аниқлашга қаратилган ёзма тест синовидан ўтади. Бу босқич натижасига кўра жами 150 нафар иштирокчи танлаб олинади ва финалга тавсия этилади.
Финал босқичининг ўзи ҳам 2 та кичик босқичга бўлинади. Биринчи босқичда ҳар бир номинация бўйича талабгорлар яна бир маротаба амалиёт билан боғлиқ бўлган муаммолар юзасидан кейслар ечади. Охирги, кичик босқичда финалга етиб келганлар билан номинациялар бўйича шакллантирилган танлов комиссияси аъзолари юзма-юз суҳбат ўтказади. Шу тариқа, 150 иштирокчидан 50 нафар ғолиб сараланади.
– Иштирокчи қандай ҳолатларда танловдан четлатилиши мумкин?
– Президент қарорида кўрсатилганидек, биринчи босқичда анкеталарни тўлдиришда нотўғри маълумот киритган иштирокчи танловдан четлатилади. У ўзи ҳақида ҳаққоний, тўғри маълумотларни тақдим этиши лозим.
Ҳар бир босқични ўтказиш бўйича низомлар ишлаб чиқилмоқда. Низомда, албатта, бу талаблар кўрсатилади. Талабларнинг иштирокчи томонидан бажарилмагани ҳам танловдан четлатилишига сабаб бўлиши мумкин.
– Натижалардан норози иштирокчилар учун апелляция тартиби қандай?
– Апелляция комиссияси тузилади. Ҳозирда бу комиссия таркибини шакллантириш ва унинг регламентини ишлаб чиқиш бўйича иш олиб борилмоқда. Танловнинг ҳар бир босқичи натижаларига кўра, иштирокчилар маълум бир муддат ичида апелляцияга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади.
– Танловнинг финал босқичига етиб келган иштирокчилар 150 нафар бўлса, уларнинг 50 нафари ғолиб деб топилади, деяпсиз. Қолган 100 иштирокчи учун қандай имтиёзлар кўзда тутилган?
– Танловнинг 50 ғолибига энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдорида пул мукофоти берилади. Улар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактабида 3 ойлик "Бошқарув кадрларни тайёрлаш бўйича Президент дастури" курсларини ўқийди ҳамда тегишли номинациялар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органларига раҳбар лавозимига тайинланади. Финал босқичига етиб келган 100 нафар иштирокчи эса энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади. Бундан ташқари, улар ўз номинацияси бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг раҳбар кадрлари захирасига киритилади.
– Танловнинг ўтказилиши билан боғлиқ энг кўп келиб тушаётган саволларга жавоб берсангиз.
– Энг кўп бериладиган саволлардан бири иштирокчиларнинг ёшига доир. Нега айнан 30 ёшдан 45 ёшгача? Ўзбекистондаги узлуксиз таълим тизимида йигит-қизларимиз олий таълим муассасасини битириб, соҳаси бўйича 3 йиллик раҳбар тажрибасига эга бўлгунича ўртача 29-31 ёшга киради. Бундан ташқари, танловнинг моҳияти айнан истиқболли раҳбар кадрларни танлаб олиш экан, ёш талабининг юқориси 45 ёш, деб белгиланиши маъқул топилди.
3 йиллик раҳбарлик тажрибасига эга бўлиш танловнинг асосий талабларидандир. Танловнинг асосий мақсади истиқболли раҳбар кадрларни танлаб олиш. Маълум маънода ўз зиммасида раҳбарлик масъулиятини сезган кадргина ушбу танловда иштирок этиши мақсадга мувофиқ.
Муаллиф : Инобат Аҳатова, ЎзА
961 19.10.18